8–13 ноябрь кунлари тасдиқланган режа-жадвалга биноан Фарғона шаҳрида давлатлараро чегарани делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари билан Қирғизистоннинг Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятлари туташган ҳудудларда давлат чегараларининг аввал мувофиқлаштирилмаган 14 участкасида қўшма дала текширувлари ва инструментал топографик расмга олиш тадбирлари ўтказилди.

Еттита участка бўйича ишчи гуруҳларнинг позициялари келишиб олинди. Шундай қилиб, 13 ноябрь ҳолатига кўра томонларнинг позициялари мос келган участкаларнинг умумий сони 56тани ташкил этмоқда.

Учрашувлар якунларига кўра тегишли баённома имзоланди ва бошқа мувофиқлаштирилмаган участкалардаги дала топографик-ер тузиш ишларини ўтказишнинг режа-жадвали келишиб олинди.

Учрашув ҳамжиҳатлик ва анъанавий дўстлик руҳида бўлиб ўтди.