Бугун Сеулда Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Ули Штилике ўйинолди матбуот анжуманида иштирок этди. У ўз сўзида 15 ноябрь кунги рақиб бўлмиш Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятлари ҳақидаги фикрларини билдириб ўтган.

“Эртанги ўйин жуда муҳимлигини сиз айтмасангиз ҳам яхши англаб турибман. ЖЧ саралашидаги ўрин учун кураш бўлади. Ўзбекистон эртанги ўйин натижасига кўра гуруҳда ўз ўрнини мустаҳкамлашга уринса, биз 2-ўринни ўзимизники қилишга ҳаракат қиламиз. Бу ўйинга кўп нарса “тикилган”, дея сўз бошлаган германиялик мураббий.

Унинг айтишича, “Кристал Пэлас” ярим ҳимоячиси Ли Чонг Йонг эртанги ўйинда майдонга тушмаслиги ойдинлашган.

Шунингдек, мутахассис ўзининг терма жамоа рулидаги муваффақиятсиз даври ҳақидаги саволга жавоб қайтарган.

“2 йиллик бошқарувим давомида бундай ҳолат кузатилмаганди. ЖЧ саралаш босқичида шунақаси ҳам бўлиб туради. Шогирдларим билан бу ҳақда гаплашиб олганман. Канада билан ўйиндаги муваффақият бизда ўзимизга бўлган ишончни қайтарди. Эртага ҳам шу руҳда давом этамиз деб ўйлайман”, — деган у. 

Ули Штилике бўлғуси рақиб Ўзбекистон терма жамоаси ўйини ва бу жамоанинг имкониятлари ҳақидаги фикрларини билдириб ўтган.

“Бу терма жамоанинг нафақат ЖЧ саралашидаги 4та ўйинини, балки Иордания билан ўтказган ўртоқлик ўйинини ҳам кўриб чиқдим. Уларда йирик ғалаба ҳам, йирик мағлубият ҳам йўқ. 5та ўйин давомида атиги 1та гол ўтказиб юборишгани уларда ҳимоя чизиғи мустаҳкамлигини англатиб турибди. Эронга қарши ўйинда ўтказилган гол ҳам стандарт вазият орқали келиб чиққан. Биз Канада билан ўйиндагидек ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳужум ва ҳимоя чизиғи ҳамоҳанглиги Ўзбекистонни мағлуб этишимизга яхши омил бўлади”, деган мураббий.