14 ноябрь куни Тошкент шаҳар Халқаро бизнес марказида Ўзбекистонда тиббий-ижтимоий патронаж тизимининг 20 йиллиги муносабати билан “Соғлом авлод – юрт келажаги” мавзусида Республика конференцияси ўтказилди.

Ўзбекистонда тиббий-ижтимоий патронаж тизими фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида “Соғлом авлод учун” фонди томонидан Тиббий-ижтимоий Марказ (ТИМ) ташкил этилган.

Тиббий-ижтимоий патронажнинг иш фаолияти қуйидаги 3 босқичдан иборат:
— Оилаларни аҳволини ҳар томонлама ўрганиб, гуруҳларга ажратиш;
— Оиланинг умумий ҳолатини яхшилаш мақсадида чора-тадбирларни амалга ошириш;
— Тиббий-ижтимоий патронажнинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда туман, вилоятлар ва республика миқиёсида ўсиб келаётган ёш авлодни тиббий, ижтимоий-иқтисодий, аҳлоқий тарбиялашга ёрдам бериш кабилардир.

Фонднинг тиббий-ижтимоий патронажи 14 та кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалар фаолияти орқали амалга оширилмоқда. Барча 14 та кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари замонавий автоамбуланслар билан таъминланган. Шундан 10 таси Туркия Республикасининг ТИКА ташкилоти томонидан таыдим этилган “Mercedes-Benz” русумидаги автоамбуланслардир. Ушбу автоамбуланслар энг замонавий диагностик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Автоамбуланслар аҳолини, асосан аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, мурувват ёрдами бериш ҳамда аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш учун Республиканинг барча вилоятларига, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига хизмат кўрсатади.

Фонд томонидан кам таъминланган оилаларга, асосан кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари орқали мурувват ёрдами (дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечаклар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар) топширилади.
Маълумот учун айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасида 20 йил (1996 – 2016 йиллар) давомида кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан 4 млн.дан ортиқ аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилган. Шундан 1972058 нафари аёллар, 1131469 нафари болалар, 551173 нафари ўсмирлар, 127608 нафари эркаклардир. Биргина 2016 йилнинг шу даврига қадар республика миқёсида 3000 дан ортиқ оилаларга ташриф буюрилиб, манзилли равишда мурувват ёрдамлари етказиб берилди. Шунингдек 1323 нафар фуқарога мурожати бўйича ёрдамлар кўрсатилиб, шундан 25 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.