Россия ҲДФнинг "Адмирал Кузнецов" авиаташувчи кемаси Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда илк бор иштирок этди, деб баёнот берган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу. 

"Бугун ушбу крейсердан Су-33 самолётлари ҳавога кўтарилди", — деган Шойгу. Бундан ташқари, "Бастион" соҳилбўйи ракета мажмуалари Сурия ичкарисидаги нишонларга зарбалар берган. 

Шойгунинг сўзларига кўра, зарбалар бериладиган нишонлар бўйлаб, жиддий кузатишлар олиб борилган. Шундан сўнг, террорчилар кўп тўпланадиган ва уларнинг тайёрлов марказлари, ўқ-дори омборхоналари нишонга олинган. 

Шойгунинг ёдга олишича, дастлаб зарба берилган ҳудудларга кимёвий-биологик қуролдан фойдаланишга қарши ҳарбий бўлинмалар аскарлари юборилган. Россия мудофаа вазирининг таъкидлашича, сўнгги бир ҳафта мобайнида жангарилар шу каби хавфли қуроллардан икки марта фойдаланишган. 

"Иккала ҳолатнинг бирида 27 нафар киши шифохонага ётқизилиб, 3 киши ҳалок бўлган, иккинчисида 30 киши шифохонага келтирилган", -дея изоҳ берган Шойгу, гап Сурия армияси аскарлари ҳақида бораётганига аниқлик киритган.