Япониянинг Фукуока шаҳри марказидаги йўллардан бирида 7 ноябрь куни улкан ўра пайдо бўлгани ҳақида хабар қилинган эди. Орадан бир ҳафта ўтгач, мазкур йўл таъмирланиб, фойдаланишга топширилди, деб хабар қилмоқда Japan Times.

Чуқурлиги 15 метрга тенг бўлган ҳамда диаметри 30 метрга 27 метр бўлган ўра 6 минг тоннадан ортиқ қум ва цемент қоришмаси билан тўлдирилган. 

Шундан сўнг, ишчилар янги асфальт ётқизишган, йўл белгилари, светофорни ўрнатишган, чизиқларни чизишган. Муниципал ҳокимият вакили йўлда кунига ёриқ бор-йўқлигии текширилишини билдирган. 

Шаҳар ҳокими Соичиро Такасиманинг сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари туфайли йўлнинг ушбу қисми олдингидан «30 марта мустаҳкамроқ бўлган».

Шаҳарнинг кўплаб аҳолиси йўлнинг ўта қисқа муддатда таъмирланганидан ҳайрон қолишганини яширишмаяпти. «Мен камида бир ой кетса керак, деб ўйлагандим», — деган такси ҳайдовчиларидан бири. 

7 ноябрь куни Япониянинг Кюсю оролидаги Фукуока шаҳри марказида беш йўлакли йўл остидаги тупроқ емирилгани боис, улкан ўра пайдо бўлганди. Бунинг натижасида ҳеч ким жабрланмаган бўлса-да, автомобиль қатнови бузилди ва электр таъминотида узилишлар пайдо бўлди.