Туркияда ўлим жазосининг тикланиши мамлакатнинг Европа Иттифоқига киришга номзод бўлишдан тўхташини англатади. Бу ҳақда Брюсселдаги Европа Иттифоқи кенгаши йиғилишидан кейин Дания ташқи ишлар вазири Кристиан Енсен Даниянинг Ritsaus Bureau ахборот агентлигига маълум қилди. 

"Ўлим жазосининг киритилиши қизил чизиқни босиб ўтиш бўлади. Туркия бу ҳолда Европа Иттифоқига киришга номзод бўла олмайди", деб айтди Енсен ва Туркия ўзининг сиёсати туфайли Европа Иттифоқига киришдан борган сари олислашиб бораётганини қўшимча қилди. "Европа Иттифоқига киришга номзод давлатлар мос келиши керак бўлган муайян стандарт ва мезонлар мавжуд ва улар қайта кўриб чиқилмайди", деб таъкидлаб ўтди Енсен.

"Биз Туркияда юз бераётган ҳодисаларни кескин қоралаймиз", деб қўшимча қилди Енсен.

Айни вақтда Брюссель ва Анқара ўртасида янги инқироз авж олмоқда. Анқара миграцияни чеклаш бўйича келишувнинг бажарилиши доирасида визаларнинг бекор қилинишини талаб қилаётган бир пайтда, Брюссель Туркия ҳукуматини танқид қилишни анча кучайтирди. Европа Иттифоқи Туркияда мухолифатни тақиб қилиш, ОАВ эркинлигини чеклаш, жамоат арбоблари ва курд сиёсатчиларининг ҳибсга олинишини фаол қораламоқда.