Ҳиндистондаги яқинда амалга оширилган пул ислоҳоти яна бир қурбонга олиб келди. Гап шундаки, Ҳиндистонда ўтган ҳафтада пул ислоҳоти ўтказилиб, унга кўра 500 ва 1000 рупийлик қоғоз пуллар муомаладан чиқарилиши эълон қилинганди. 

Шу сабабли эмизикли бола шифокорлар унинг ота-онасидан хизмат ҳақи сифатида эски пулларни олишдан бош тортгани сабабли вафот этди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, воқеа Мумбайда юз берган. Касал болакайнинг ота-онаси шифокорларга ёрдам билан мурожаат қилганда, улар даволашга ҳақ сифатида 6 минг рупий тўлашни сўрашган. 

Боланинг ота-онаси бу ҳақни 500 рупийлик қоғоз пулларда тўламоқчи бўлганда, шифокорлар пуллар муомаладан чиқарилгани сабабли уларни олишдан бош тортганлар. Шундан кейин ота-она боласини бошқа шифохонага олиб кетишга мажбур бўлган, бироқ болакай йўлда вафот этган. Ҳозирда полиция ушбу воқеани тергов қилмоқда.

Ҳиндистон ҳукумати 8 ноябрдан 500 ва 1000 рупийлик қоғоз пуллар муомаладан чиқарилишини маълум қилганди. Ҳукумат шу тариқа мамлакатдаги коррупцияга чек қўйишга ва муомаладан катта миқдордаги қалбаки пулларни чиқариб юборишга интилмоқда. Таъкидланишича, тақиқланган пуллардаги 250 минг рупийгача бўлган пулни ҳеч қандай саволларсиз муомаладаги пулларга алмаштириб олиш мумкин, бироқ бундан катта миқдордаги пулларнинг келиб чиқилиши текширилади. Агар даромад билан тавофут аниқланадиган бўлса, пуллар эгаси тегишли солиққа ва жаримага тортилади.

Бундан аввалроқ ўз турмуш ўртоғини даволатиш учун ўзига тегишли ер майдонини сотган ҳинд аёли пул ислоҳоти сабабли ўзининг жонига қасд қилганди. Аёл ерни 5,6 миллион рупийга сотган, эрини даволатишга эса бор-йўғи 300 минг рупий кетган. Ўзидаги пулларни 500 ва 1000 рупийда сақлаган аёл ҳукуматнинг бу қароридан кейин эсанкираб қолиб, ўз жонига қасд қилганди.