Ироқ режалаштириш вазирлиги мамлакат шимолидаги Мўсул шаҳрини тиклаш бўйича махсус лойиҳани ишлаб чиққан. Ироқнинг "Ас-Сабаҳ" газетаси ёзишича, бу ҳақда вазирлик расмий вакили Абдул Заҳро ал-Ҳандавий маълум қилган

Унинг сўзларига кўра, икки босқичли режанинг биринчи босқичи бир ойдан ярим йилгача давом этади. Бу муддат ичида шаҳарнинг асосий инфратузилмалари, сув, электр таъминоти, соғлиқни сақлаш тизими тикланади ва аҳоли тураржой мавзеларини тозалаш ишлари якунланади. 

Иккинчи босқичда, вазирлик расмий вакилининг айтишича, стратегик иншоотлар, хусусан йўлларни тиклаш, алоқа ва мактаблар қуриш ишлари бошланади. Бу ишлар билан мазкур соҳаларга ихтисослашган халқаро компаниялар шуғулланишади. 

Мўсул шаҳрини ИШИД жангариларидан озод этиш бўйича ҳарбий амалиётни Ироқ армияси АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кўмагида ўтказмоқда.