Қашқадарёда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Генрик Вестерби ва Юлия Куденеева ўз миссиясини бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси раиси И.Жўраев билан учрашди. Округда яратилган шароитлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга доир тайёргарлик ишлари билан танишди.
Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси жараёнлари, округ сайлов комиссияси ваколатлари ва олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, округ сайлов комиссияси томонидан Қашқадарё вилоятида 884 сайлов участкаси тузилган ва участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланган. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ошкора амалга оширилиб, округ сайлов комиссияси фуқароларни ўз фаолиятидан хабардор этиб бормоқда. Бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Округ сайлов комиссияси ҳузурида сайловни ёритиш бўйича матбуот маркази ташкил этилган. Сайловолди ташвиқотида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун тенг шароит ва имкониятлар яратилган. Бу даврда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланган.

– Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан яхши танишман ва у халқаро стандартлар, бошқа ҳуқуқий нормаларга тўла мос келади, – дейди Генрик Вестерби. – Кузатувчи сифатида кўплаб давлатларда сайлов жараёнида иштирок этганман. Хорижий ва бошқа кузатувчиларнинг иштироки сайлов жараёнига умуман таъсир кўрсатмайди. Биз фақат ушбу жараён халқаро нормаларга мос келишини кузатиб, сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш ҳақида фикримизни билдирамиз.

Сайловларни кузатиш жараёнида тажриба ҳам орттирамиз. Мен ўтган асрнинг 90-йиллари бошида ҳам Ўзбекистонда бўлган эдим. Ўтган шу қисқа вақтда – 25 йилда мамлакатингизда жуда катта ўзгаришлар юз берибди. Очиғини айтсам, таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган. Бу мамлакатингизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир. Энг муҳими, бу ерда тинчлик ва барқарорлик ҳукмрон. Барчамиз яхши биламиз, Ўзбекистон дунёдаги ривожланаётган мамлакатлар орасида тараққиёт сари дадил одимлаётган давлат сифатида эътироф этилади. Президент сайлови ҳақида гапирадиган бўлсак, биз кузатган сайлов учаскаларида иш қизғин бормоқда.

Халқаро кузатувчилар вилоятдаги бошқа мутасадди идоралар вакиллари билан ҳам учрашиб, сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишди.