АҚШ давлат котиби Жон Керри 14 ноябрда Уммон султонлигига етиб келди. Керри бу ерда Яманда ҳокимиятни эгаллаб олган "Ансор Аллоҳ" шиалар ҳаракати вакиллари (хусийлар) билан Яман бўйича тинчлик музокараларини фаоллаштиришни муҳокама қилади. Бу ҳақда Уммон янгиликлар агентлиги маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, Яман ихтилофини ҳал қилиш учун Керри Уммон султони Қобус ва ташқи ишлар вазири Юсуф ибн Алавий билан музокаралар ўтказади.

Кутилишича, АҚШ давлат котиби хусийларнинг расмий вакили Муҳаммад Абдулсалом билан ҳам учрашади.

Ямандаги фуқаролик уруши 2014 йилдан бери давом этиб келмоқда. Бу ерда хусийлар президент Абд Раббо Мансур Ходий ҳукуматига қарши исён кўтарган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида исёнчилар мамлакат пойтахти Санони эгаллаб, бу ерда ўз ҳукумат идораларини ташкил этганлар. Ходий эса Ар-Риёдга қочишга мажбур бўлган.