Қозоғистонда президент Нурсултон Назарбоев сурати акс эттирилган сувенир купюра чиқарилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости "Хабар 24" телеканали сайтига асосланган ҳолда хабар берган.

Банкнота мамлакатда Биринчи президент куни нишонланадиган сана — 1 декабрда чиқарилиши айтилган.

Телеканал маълумотига кўра, Остона шаҳрида шу кунларда "Қозоғистон Мустақиллигининг 25 йиллиги: миллий  валюта" мавзусида Қозоғистон Миллий банки анжумани бўлиб ўтмоқда.

"Анжуманда Қозоғистон Миллий банки раиси Дониёр Акишев томонидан мамлакат Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган Нурсултон Назарбоев сурати туширилган 10 мингталик банкнота ва танга тақдим қилинди. 10 мингталик танга 1 декабрь куни муомалага киритилади", — дейилган хабарда.