Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) миссияси Ўзбекистондаги президент сайловларини кузатишни бошлайди. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев журналистларга маълум қилган.

"17 ноябрь куни МДҲ миссияси Ўзбекистонда иш бошлайди. Ўн нафардан ортиқ узоқ муддатли ва яна 700 нафардан ортиқ қисқа муддатли кузатувчилар фаолият олиб боради. Уларнинг деярли барчаси МДҲ мамлакатлари вакилларидир", – дея Лебедевнинг сўзларини келтирган Sputnik Беларусь.

У бу миссия Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Президенти сайловида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун расмий таклифи асосида иш бошланишини маълум қилган.

Ўтган ойда Марказий сайлов қўмитаси МДҲ Ижроия қўмитасига расмий таклифнома йўллаб, Ўзбекистонда 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловининг халқаро кузатувида иштирок этишга чақирганди. 

2004 йилдан бери МДҲ Ижроия қўмитасида МДҲ кузатувчилари миссияси фаолиятини таъминлаш бўлими ишламоқда.

Ўзбекистонда МДҲ кузатувчилари миссияси 2004, 2009 ва 2014 йилги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, шунингдек, 2007 ва 2015 йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари чоғида кузатув амалга оширган.

Лебедев 2015 йилнинг мартида ўтказилган Ўзбекистон президенти сайловида ҳам МДҲ кузатувчилар миссиясига раҳбарлик қилганди.