«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси клуб билан шартномасини узайтиришга тайёр. Испаниянинг Sport нашри хабарига кўра, томонлар Янги йил байрамидан сўнг музокараларга киришади.

Хабарда айтилишича, аргентиналик футболчи раҳбарият клубнинг бошқа футболчилари — Луис Суарес, Марк-Андре тер Штеген, Иван Ракитич ва Андрес Иньеста билан шартномаларни узайтириб бўлишини кутмоқда. Бу футболчиларнинг шартномалари камида 2021 йилгача узайтирилиши кутилмоқда.

Қўшимча қилинишича, у жамоа етакчи футболчиларини сақлаб қолишини истайди. Мессининг амалдаги шартномаси 2018 йил ёзигача тузилган.

Бундан олдинроқ нашрларда Месси «Барселона» билан шартномани узайтиришдан бош тортгани ва отаси орқали бу ниятини клуб раҳбариятига етказмоқчи бўлгани ҳақида хабарлар берилганди. 

Кейинроқ ОАВ Мессининг атрофидаги манбалар бу хабарларни рад қилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.