Нидерландия суди "интернетни ишдан чиқаришига бир бахя қолган" одам сифатида танилган Свен Камфиусни 2 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилди, деб хабар бермоқда "Франс Пресс" ахборот агентлиги. 

Камфиус самарали фильтрларни яратиш мақсадида номақбул реклама жўнатмалари "қора рўйхатини" чоп этувчи, Женева ва Лондонда жойлашган Spamhaus интернет-гуруҳига 2013 йилда катта кўламли DdoS ҳужумни амалга оширишда айбланган.

Spamhaus ходимлари ҳужумда Камфиус ўзини расмий вакили деб атаган Cyberbunker хостинг сервисини айблаганлар.

Голланд нашрларининг маълум қилишича, ҳужум оқибатида интернет камида 1 ҳафтага глобал ишдан чиқиши мумкин бўлган. Шу сабабли Камфиус ортидан ОАВда "интернетни ишдан чиқаришига бир бахя қолган одам" деган лақаб ўрнашиб қолган. 

Агентликнинг таъкидлашича, 39 ёшли Камфиус чиқарилган ҳукмга қарамасдан, дастлабки ҳукм бўйича чиқарилган 240 кунлик жазодан 55 кунини ўтаб бўлгани сабабли қамоққа қайтмайди. У қолган муддатни шартли ўтайди.