АҚШ президенти Барак Обама матбуот анжуманида билдирган фикрича, Дональд Трамп президентлик лавозимига ўтирганидан кейин ўз феъл-атворининг айрим жиҳатларини ўзгартиришига тўғри келиши мумкин, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги.

«Ўйлашимча, сайланган президент билан нима бўлиши мумкин: унинг феъл-атворида айрим жиҳатлари борки, Трамп уларни тан олиб, ўзгартирмагунча ўйлагандек хизмат қила олиши даргумондир», — деб қайд этган Обама.

Обаманинг сўзларига кўра, президентликка номзоднинг ноаниқ ёки можароли нарса ҳақида сўз юритиши билан АҚШ президентининг шундай фикр юритиши орасида жиддий фарқ бор. «Барча диққат билан кузатишади, бозорлар фаолият юритади», — деб қўшимча қилган Обама. 

Бундан ташқари, Америка раҳбари Трампнинг президент бўлиши билан боғлиқ бир қатор хавотирлари борлигини ҳам маълум қилган. «Хавотирларим борми? Ҳа, албатта. Бизнинг айрим масалалар бўйича қарашимиз турлича», — деган Обама.

Унинг умид билдиришича, Трамп «Оқ уйга бошқа президентлардан камроқ сиёсий чоралар тўплами билан келади».Шунингдек, Обаманинг фикрича, Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан сўнг, қатор масалалар бўйича қарашини ўзгартириши мумкин.

«Бу лавозим инсонни тарбиялайди. Унинг ҳақиқатга мос келмайдиган қарашлари ва фикрлари кескин ўзгаришларга учрайди», — деб қайд этган давлат раҳбари.