Ўзбекистон миллий терма жамоасини бугун жуда масъулиятли ўйин кутиб турибди. Сеулда, Тошкент вақти билан соат 16:00да ЖЧ-2018 саралашининг 3-босқичида 5-тур доирасида Жанубий Корея ва Ўзбекистон терма жамоалари учрашуви бошланади.

2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига бориш орзуси Жанубий Кореяга қарши бўладиган ўйинга кўп жиҳатдан боғлиқ.

Бугун Самвел Бабаян бошчилигидаги жамоа "World Cup stadium"да мезбонларни енгса, гуруҳдаги асосий рақиб бўлган бу терма жамоадан 5 очкога ўзиб кетиши ва саралашнинг қолган ўйинлари давомида прагматик ўйин орқали йўлланмага эга чиқиши мумкин бўлади.

Статистикага қараладиган бўлса, Жанубий Корея ва Ўзбекистон шу вақтгача ўзаро 13та ўйин ўтказган ва шундан фақат 1 учрашувда ўзбекистонликлар ғалабага эришган. Бу ғалаба 22 йил олдин, 1994 йилги Осиё Ўйинларида рўй берган.

Яна 3та учрашувда дуранг ҳисоби қайд этилган. 9та учрашувда эса корейслар устун келган, тўплар нисбати кореяликлар фойдасига 13-28.

Ўйинда саудия арабистонилик Фахад Аль-Мидраси бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси ишлайди. Бу ҳакам жамоаларнинг охирги расмий учрашувида ҳам ишлаган, ўшанда Осиё Кубогининг чорак финалида кечган учрашув корейсларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.

Бугун Ўзбекистон терма жамоасида Жанубий Кореяни сафарда илк марта мағлуб этиб, тарихий натижа кўрсатиш имкони мавжуд.

Бугун ўз севимлиларини рақиб майдонида қўллаб-қувватлаб туриш учун Сеулга 200 нафар мухлис йўл олган. Улар қаторига Жанубий Кореяда меҳнат сафари билан бўлиб турган минглаб ватандошлар қўшилиши кутилмоқда.

Бугун ўзбекистонлик мухлисларнинг бутун қиш давомида кайфияти қандай бўлишини белгилаб берадиган катта ўйин.