Россия президенти Владимир Путин 2 миллион доллар пора билан ҳибсга олинган мамлакат иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаевни оператив кузатиш жараёнидан бохабар бўлган. Бу ҳақда, Россия раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков  маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС агентлиги.

«Албатта, президентга Улюкаев қўлга олингани ҳақида ахборот берилди. Аслида, у оператив кузатув бошланганидан бу ҳақда хабардор бўлган», — дея таъкидлаган Песков.

Аввалроқ, Россия Федерал хавфсизлик хизмати Алексей Улюкаевни бир йилдан ортиқ муддат мобайнида оператив кузатгани хабар қилинган эди. 

Кремль маъмурияти матбуот котибининг сўзларига кўра, вазирга нисбатан ўта жиддий айблов ҳақида гап кетмоқда. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Россия тергов қўмитаси вакили Светлана Петренконинг маълум қилишича, Россия иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаевга нисбатан расман айблов эълон қилинган. 

«Улюкаевга таъмагирлик билан ўта катта миқдорда пора олганлик айби илгари сурилди», - деган Светлана Петренко.