"Батькивщина" партияси етакчиси, Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенко украиналикларни 15 ноябрда Киевда норозилик намойиши ўтказишга чақирди. У бу ҳақда 14 ноябрда Олий рададаги чиқиши вақтида маълум қилди.

Тимошенконинг айтишича, Украина президенти Пётр Порошенко ва Миллий банки коррупция таянчига айланган, Порошенко мамлакатдаги муҳим лавозимларга ўзининг бизнес-ҳамкорларини тайинлаган. "Бугун фақат одамлар адолатни тиклаши ва ҳукуматни ўз жойига қўйиши мумкин. Эртага эрталаб фуқаролар, жумладан пенсионерлар, гривна курсининг тушиши, нарх-навонинг ошиши, ўз банк омонатларини қайтариш учун норозилик намойишига чиқадилар", деб эълон қилинди Тимошенко.

Тимошенко ҳукумат намойишчиларни "Кремль қўли" деб аташини, бироқ аслида "Украинадаги вазият одамларнинг жон-жонидан ўтиб кетганини" айтди. "Амалдорлар уруш билан беркинишмоқда, ўзлари эса мамлакатни коррупциялаштириб, уни таламоқдалар. Ёки одамлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бирлашадилар, ёки бу ҳукумат Украина халқини, Украина давлатини йўқ қилиб юборади", деб таъкидлаб ўтди Тимошенко.

29 сентябрда ОАВда Тимошенко Киевда янги Майдан тайёрлаётгани ҳақида хабар берилганди. Журналистлар маълумотларига кўра, норозилик намойишларига асосий сабаб коммунал хизматларга юқори нарх-наво бўлади.

Майдан – Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларида 2013-2014 йиллардаги қишда ўтказилган оммавий норозилик намойишлари бўлиб, унинг натижасида давлатда ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартириш юз берган.