Тожикистон парламенти 2017 йилга мўлжалланган давлат бюджети бўйича қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Тожик телеграф агентлиги хабар қилмоқда. 

Унга кўра, келаси йилги давлат бюджетининг умумий миқдори 19 млрд 568,6 млн сомони (2 млрд 486,4 млн АҚШ доллари) бўлиши кутилмоқда. Бу жорий йилдаги давлат бюджетидан 1 млрд 718 млн сомони (218,2 млн доллар)га кўп демакдир. 

Давлат бюджетининг харажати 19 млрд 863 млн сомонини ташкил этади, шундан 8 млрд 286 млн сомони ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилади.