АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампнинг собиқ хотини Ивана Трамп АҚШнинг Чехиядаги элчиси бўлиш истагини билдирди. Бу ҳақида у The New York Post газетасига берган интервьюсида маълум қилди. 

"Унга мени АҚШнинг Чехия республикасидаги элчиси этиб тайинлашни таклиф қиламан, - деди у. - Мен асли ўша ерликман, чех тили - менинг она тилим ва у ерда мени ҳамма яхши танийди. Шунингдек мен нафақат Америка, балки бутун дунё бўйлаб танилганман. Мен уч китоб муаллифиман, асарларим 40 мамлакатда 25 тилга таржима қилинган. "Ивана" номи остида танилганман ва "Трамп" фамилиясининг исмимга қўшиб айтилишига ҳожат йўқ".

Ивана Трамп 67 ёшда, у Чехиянинг Злина шаҳрида дунёга келган. Трампнинг собиқ турмуш ўртоғи Карлово университетида таълим олган, Чехиянинг чанғи бўйича терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. 1977 йилда у Трампга турмушга чиққан, бу аёл учун - иккинчи, Дональд учун эса - биринчи турмуш бўлган. Жуфтлик 15 йил бирга ҳаёт кечирган, уларнинг 3 нафар фарзанди бор. Ивана Трамп беш тилда сўзлашади ва мунтазам равишда ўз Ватанини зиёрат қилади. 

Чехия президентининг матбуот котиби Милоша Земана Йиржи Овчачек Ивана Трампнинг элчи бўлиш ҳақидаги қарорини бажонидил қўллаб-қувватлади. Бу ҳақида у ўзининг Twitter'даги микроблогида маълум қилди. 

Бир қатор чех сиёсатчилари Ивананинг қарорини қўллаб-қувватлашди. "У бизнинг нимани ҳис қилишимиз, нимага интилишимиз ҳамда тарихимизни яхши билади. Менинг фикримча, бу жуда яхши бўларди", - деди Чехия бош вазири ўринбосари, ANO ҳаракати етакчиси Андрей Бабиш Nova телеканалига берган интервьюсида. 

"Бизнинг мамлакатимизга алоқаси бор, муаммоларимизни яхши англаб етувчи инсон элчи бўлса, фойдадан холи бўлмайди", - дея Бабашнинг фикрини қўллаб-қувватлади Чехиянинг мухолифат Фуқаролик демократик партияси етакчиси Петр Фиала.