Кореяликлар бош мураббийи Ули Штилике Ўзбекистон терма жамоасига қарши кечган ва 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ўз фикрларини билдириб ўтди. Унинг сўзлари Stadion.uz томонидан келтирилган.

"Бугунги ўйин осон кечмаслигини билардим. Ўзбекистон терма жамоаси саралашнинг ушбу босқичида ўз дарвозасидан бор-йўғи 1та гол ўтказиб юборганди. Биринчи бўлиб ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юборганимиз боис, аҳволимиз қийинлашди. Аммо вазиятни ўнглаб, ғалаба қозонганимиздан хурсандман. 

Шогирдларим совуққонликни йўқотмаган ҳолда ўз ўйинларини намойиш қилишда давом этишди. Тўпни назорат қилиш борасида биз рақибга нисбатан устунликка эришдик. Рақиб жарима майдончаси атрофида аниқ узатмалар бера олмадик. Умуман олганда, натижадан қониқиш ҳосил қилдим. 

Иккинчи ўринга кўтарилиб олганимиз муҳим аҳамиятга эга. Энди бироз енгил тин олсак бўлади. Кейинги ўйинга хотиржам тайёргарлик кўрамиз. Жадвалда учинчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб туриш ўртасида катта фарқ бор. 

Ўйинда тўп назоратини ўзимизда ушлаб туришни истадим ва шундан келиб чиқиб тўп билан яхши муомала қиладиган футболчиларни асосий таркибда туширдим. Ки Сон Йонгни ҳимояда ўйнатдим, боиси, у бизга ҳимоядан ҳужумга тез ўтишда ёрдам бериши кутилганди. 

Ким Шин Ук шундай ўйинчики, рақиб футболчилари чарчаган пайтда майдонга туширилса, бизга фойда келтиради. Агар Ким ўйин бошидан ўйнаганида, тўпни назорат қилишимиз қийин кечарди", - дейди Ули Штилике.