Ўзбекистон терма жамоасининг 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралашидаги муҳим ўйинда Жанубий Корея терма жамоасидан енгилиши резонанс келтириб чиқармоқда. «Трибуна.uz» сайти блогери бу ўйинни таҳлил қилиб, икки терма жамоа мураббийларининг ҳаракатларини баҳолади.

«Ўйинга аниқ режа асосида тушамиз». Бу гапни Самвел Бабаян Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйин олдидан айтиб ўтганди. Умуман аниқ режанинг қандай эканини билиш учун америка очиш шарт эмасди. Ўзбекистон эплаганича бор эътиборини ҳимояга қаратади. Ўхшаб қолса қарши ҳужумда омадини излаб кўради.

Сеулдаги ўйин сценарийси бошида Бабаян ўйлаганидек кечди. Унинг шогирдлари бор эътиборини ҳимояга қаратди. Яратилган биргина вазиятдан унумли фойдаланди. Барчаси умид қилинганидек (кутилганидек дейиш Кореяга нисбатан ҳурматсизлик бўлса керак, ҳар холда). Футбол тарихини титкиласак кўп-а худди шунақа футбол билан ҳам ғалаба қозониб кетган жамоалар. Бутун Евро-2004ни шунақа тарзда ўтказган Реххагелнинг Греция терма жамоаси, «Ноу Камп»да фантастикани реал ҳаётга айлантира олган Қурбон Бердиевнинг «Рубин»и. Моуриньо ва «Интер» (албатта!). Бу ўринда «жабрдийда» ролини ўйнаган ўша жамоаларни Жанубий Кореяга тенглаштириш балки унчалик ҳам тўғри эмасдир, лекин ўйин давомида терма жамоамиз кўрсатган футбол қайсидир маънода ўша юқорида санаган қаҳрамонларнинг ўша ғалабаларига асос бўлган тактикасига ўхшаб кетарди (келинг, иккала томон савиясини шу нисбатда бўлиб кўрамиз). Марат Бикмаев гол урганидан кейин, «нимага Кореяни меҳмонда ютмаслигимиз керак экан» деган ўй сизда ҳам ўтгани рост тўғрими? Ўша Бабаяннинг аниқ режаси билан ҳам натижага умид қилишга тўлиқ ҳаққимиз бор эди. Лекин барибир биз «Рубин» эмаслигимиз, Бабаян эса Қурбон Бердиев эмаслиги кўриниб қолди. Хўш қайси сабаблар бизга ўша умидларимиз амалга ошишига тўсқинлик қилди? Фикрларимни санаб ўтишга ҳаракат қиламан.

«Квадрат»даги «овчи»
Футбол машғулотининг энг таниқли ўйинларидан бири «квадрат»да энг кўп кучни ким сарфлайди? Албатта ўртага тушволиб тўпни овлашга уринаётган таъқибчи. Одатда тўпни эгаллаб турган жамоа (гуруҳ) деярли ҳаракатланмайди ва жисмоний жиҳатдан толиқмайди. Оддий ўзимизнинг жисмоний тарбия арифметикаси. Ўйиннинг бошиданоқ Жанубий Корея тўпни тотал устунлик билан назорат қилиши кўриниб қолди. Ўзбекистон терма жамоаси эса тўпсиз ҳаракатланиши керак эди. Тўпсиз ҳаракат дегани худди ўша квадрат ўйинидаги «овчи»нинг ишини такрорлаш кераклигини билдирарди. Бутун жамоанинг 90 дақиқанинг асосий қисмиини тўпсиз ҳаракат билан ўтказиши учун жуда катта куч талаб қилинади. Умуман бунақа футболда қандай қилиб кучни тўғри тақсимлай олиш мумкинлиги билиш учун балки Диего Симеоне бўлиш керакдир, балки. Ўзбекистон эса бу ўринда «Атлетико» ҳам, «Рубин» ҳам эмасди. Деярли ярим таркиби секинлаштириб кўрсатилаётган футболга ўхшаб кетадиган Олий лигада тўп сурадиган жамоанинг жисмоний ҳолати 90 дақиқа мобайнида тўпсиз ҳаракат қиладиган жамоанинг кераклиги натижага эришишига етмасди. Биринчи бўлимнинг қайсидир қисмида буни тушунган терма жамоамиз тўпни назорат қилишга ҳаракат қилди. Фақат қайсидир қисмида. Бўлди. 

Албатта Штилике жамоаси ҳам 2004 йилдаги Чехия, ёки 2009-2010 йилдаги «Барселона», ўтган йилги «Бавария» эмасди. Корея голгача 99 фоиз голга тортадиган айтарли вазиятларни қалаштириб ташлагани йўқ. Шунчаки жамоа жарима майдонимиз атрофида худди «квадрат» хунукроқ кўриниши ўйнаётган ярим профессионаллардек ҳаракат қилиб туришди. Энг алам қиладигани ҳам шунда эдики, Жанубий Кореянинг ғалаба формуласи учун шунинг ўзи ҳам етарди. Шунчаки Ўзбекистон футболчилари чарчашини кутасан ва охири тенгламанинг ечими ўзи оёқларинг остига келади. Бабаян жамоасининг иккинчи голни ўтказиб юборгандан кейин қолган дақиқаларда бирорта тайинли вазият ярата олмаганини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин. Майдон марказида ҳеч ким йўқ вазиятда текис жойда қоқилиб тушган Одил Аҳмедовнинг ҳаракатлариниям шу жиҳат тасдиқлайди.

ТАРКИБ
Лобанов. Ок. Кейингисига ўтамиз (ҳа, дарвоқе, бунақа тезкор Сонг Хёнг Мингга қарши ҳақиқий жанговар қанот ҳимоячиси керак эди. Ҳошимов таркибдаги энг ёрқин топилма бўлди)

ЗАХИРА

Футболда А режа, В режа деб кўп эшитамиз. Уле Штилике балки Осиё даражаси билан ўлчанганда ҳам минтақадаги энг кучли 10 мураббий қаторига кирмас. Киришигаям ишонмайман. Лекин шу мураббий ҳам керак пайтда биргина ўйинчи алмаштириш орқали Бабаян жамоасига қарши ўйин тизгини бутунлай ўзгартира олишини исботлади. Рақиб жарима майдонига кириш учун имконият бермаётганда, ерлатиб узатилаётган оширмалар узатилаётганда жамоага бўйдор бўлган ҳужумчи керак бўлади. Кўп кўрганмиз бунақасини. Корея қўллаши мумкин бўлган энг оддий усул шу эди. Ким Шин Вук буни аъло даражада уддалай олди. Биринчи голда бевосита иштирок этмаган бўлса ҳам, айнан у тушгач кўпайган юқоридан оширмалар натижасида гол киритилди. Иккинчи голда эса у майдонга тушаётганида ундан сўралиши мумкин бўлган энг идеал ҳаракатни амалга оширди.

Бабаян жамоаси ютаётганда нима қилиши мумкин эди? Рақиб захирасига қарши зарба берай деса, Ким Шин Вукка қарши ўйнаши мумкин бўлган ягона вариант Анзур шундоқ ҳам майдонда эди. Бўпти. Иккинчи вариант. Ўйин суръатини тушириш, имкон қадар тўпни назорат қилиш. Гейнрихни мен «Манчестер Сити»да яқин ўтмишда порлаган Яя Турега ўхшатаман. Одатда «Сити»ни шартли равишда «Вест Бромвич», «Ҳалл» каби ўртамиёналар қийнаб ташлаганда айнан Яянинг ностандарт, индивидуал маҳорати эвазига жамоа муаммолардан қутулиб кетарди. Бизнинг Гейнрих ҳам кўпинча шунақа ишларни бажарган. Бир пайтлари Малайзия, Ҳонгконгга қарши, яқинга келиб айтсак, КХДР ёки Сурия. Айнан шунақа жамоаларга қарши Гейнрих «сеҳрли таёқча» ролини ўйнаб бера оларди. Гейнрих ҳам тўпни яхши назорат қиладику, демоқчисиз. Қўшиламан. Рақиб жарима майдонида, бурчакка яқин жойларда. Лекин майдон марказидан уёғига ўта олмаётган жамоа учун ҳужумда, олдинги чизиқда тўпни назорат қила олиши мумкин бўлган футболчини қайси сабаб билан биринчи захира сифатида майдонга тушириш мумкин? Қарши ҳужум? Гейнрих навқирон пайтларида ҳам узоқ масофага югуриб миссия бажарганини кўрмаганман. Балки бунақа вазиятда Ҳайдаров ёки Жепаров етишмагандир. Балки. Менимча, Бабаянга бунақа вазиятда майдон марказини кучайтира оладиган футболчи Гейнрихдан кўпроқ иш берган бўларди.

Албатта аслида Жанубий Корея терма жамоасини терма жамоамизнинг оптимал кўринишдаги пайтларида ҳам ютиб ташамаганмиз. Биттагина Азамат Абдураимовнинг ўша машҳур голи билан ҳалигача ўзимизни овутиб юрамиз. Лекин бугунги Жанубий Кореяни қайсидир «аниқ режа»га асосланган йўл билан юта олишимиз мумкин. Менимча.