Сардор (исмлар ўзгартирилган) қўли гул уста бўлиб, хорижда ишлар, кеч куз кириб келганида ватанига қайтиб келарди. Кунларнинг бирида ҳамқишлоқлари билан йиғилишди-да, ароққа зўр беришди. Бунинг оқибатида улар орасида жанжал чиқди. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.

Шунда унинг ошналаридан бири, у хорижда юрган пайт, хотини суюқоёқ хотинлар билан апоқ-чапоқ бўлиб юрганлигини маст ҳолатда айтиб қолди. Бу гапдан жаҳли чиққан Сардор унга ташланди. Улфатлар уларни ажратиб қўйди.

Орадан кунлар ўтиб, 10 январь куни Сардор қизи Назокатнинг туғилган кунини уйида нишонлаб берди. Қизи олти ёшга тўлган эди. Дастурхонга тағин ароқ қўйилди. Зиёфат кечгача давом этди. Меҳмонлар тарқалгач, маст бўлиб қолган Сардор улфатлари билан бўлиб ўтган воқеани эслади ва ғазабланиб, хотини Шоҳида ишларини қилиб юрган ошхона томон йўл олди.

У хотини билан жанжаллаша кетди. Шоҳида бу гапларнинг бари ёлғон эканлиги, унга туҳмат қилинганини кўзида ёш билан айтди. Аммо Сардорнинг ҳуши ўзида эмасди. У ошхонада турган пичоқни олиб, хотинининг кўксига санчди. Кейин уйга кириб аввал қизи Назокатни, сўнгра ўғли Омонжонни пичоқлаб ўлдирди. Шундан кейин ўз жонига қасд қилди.

Ароқхўрлик каби жирканч иллат гулдек оиланинг даҳшатли ўлим топишига сабабчи бўлди.