Сурия президенти Башар Асад Туркия армиясининг Сурия ҳудудида олиб бораётган ҳарбий амалиётлари хусусида ўз фикрини билдирган. Асаднинг баёнот беришича, у мазкур амалиётларни қабул қила олмайди. Сурия етакчиси Radio e Televisao de Portugal (RTP)га берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритган.

Башар Асад журналист томонидан Туркия ҳарбийларининг Сурия ҳудудидаги амалиётини маъқуллайсизми?, деган саволига салбий жавоб бериб, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни «касал инсон» деб атаган.

«Сиз касал одам ҳақида гапираяпсиз. У  — буюклик касалига йўлиққан президент. У ҳозирги замонда эмас, ўтмишда, Усмонийлар империясида яшаяпти. У ҳақиқатдан узилиб қолган», — деган Асад Эрдўған ҳақида фикр юритар экан. 

Сурия раҳбарининг сўзларига кўра, террорчилар Сурия ҳудудига «Туркия орқали ва Эрдўғаннинг қўллаб-қувватлаши воситасида кириб келишган».

Эрдўған октябрь ойида Туркия армиясининг Суриядаги ҳарбий амалиётлари хусусида сўз юритиб, у Ал-Баб ва Манжиб шаҳарларини ҳимоя қилишга қаратилганини қайд этган, аммо Ҳалаб шаҳрига етиб бормаслигини таъкидлаган эди.