Испаниянинг йирик шаҳарларидан бири - Барселонада “Ўзбекистонда Президент сайлови” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Тадбир мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси, Испания Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Осиё билан маданий алоқалар институти (Casa Asia)) ҳамда Барселона Халқаро муносабатлар маркази (CIDOB) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда мамлакатимизнинг сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш, сайлов тизимини такомиллаштириш, сиёсий партияларнинг ролини мустаҳкамлаш ва бўлажак Президент сайлови муносабати билан сайлов кампаниясини ўтказиш борасидаги тажрибалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комисиясининг сайлов жараёнида транспарентлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги фаолиятига, шу жумладан, кўплаб хорижий давлатлар ва нуфузли ташкилотлардан халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилганлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуман чоғида иштирокчилар Ўзбекистоннинг бугунги ҳаёти, хусусан, жамиятни ҳар томонлама модернизация қилиш жараёнларида ёш авлоднинг тутган ўрни ва бошқа масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Музокаралар якунида тадбир қатнашчилари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайлови ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига ўз мулоҳазаларини баён этдилар.

Николас де Педро, CIDOB эксперти, Марказий Осиё давлатлари бўйича мутахассис:
- Шу кунларда халқаро таҳлилий жамотчиликда мамлакатингизга катта эътибор қаратилган. Мен ҳам минтақанинг муҳим давлати бўлган Ўзбекистонда кечаётган сайлов жараёнларини катта қизиқиш билан кузатмоқдаман. Менга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқи бўйича Бюроси кузатувчиларнинг тўлақонли миссиясини Ўзбекистонга юбориш тўғрисида қарор қабул қилганлиги алоҳида мамнунлик бахш этди. Бошқа халқаро кузатувчилар қатори ушбу ташкилот вакиллари ҳам сайлов жараёнларини мониторинг қилишади.

Рафаэл Буэно, Casa Asia) институти сиёсий, ижтимоий ва таълим дастурлари директори:
- Ўзбекистон Республикаси биринчи Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиёт модели асосида ривожланишнинг қисқа даври ичида улкан ижобий натижаларни қўлга киритишга эришди. Улар орасида минтақавий ўзига хосликни эътиборга олганда муҳим аҳамият касб этадиган мамлакатда барқарорликни ва жадал ривожланаётган иқтисодиётнинг сақланиб келинаётганини айтиш мумкин. Ўтган йиллар давомида демократияни мустаҳкамлаш йўлида эркин сайловлар институти, транспарентликка асосланган сайлов тизими, кўппартиявийлик, парламентаризм каби муҳим асослар шакллантирилди.

Бўлиб ўтадиган Президент сайлови Ўзбекистоннинг барқарор ва жадал тараққий этаётган демократик давлат сифатидаги янада ривожланишида навбатдаги муҳим босқич бўлади, деб ўйлайман.

“Жаҳон”