Болгария халқ йиғилиши (парламент) Бойко Борисов ҳукуматини истеъфога жўнатди. Ушбу қарорни 218 депутат қўллаб-қувватлади, икки депутат бетарафлик билдирди.

"Биз бошқарувда изчикликни таъминлаш мақсадида ўз вазифаларимизни янги ҳукумат сайлангунча бажаришда давом эттиришимизга ваъда бераман", деб айтди Болгария бош вазири йиғилишда. Борисов президентлик сайловларида ғолиб бўлган Румен Радевни табриклади ҳамда "сайлов халқ ўзгаришларни истаётганини кўрсатганини" таъкидлаб ўтди. 
 
"Агар жамият зарур деб ҳисобласа, биз Болгария учун яна ишлашни бошлашга тайёрмиз", деб ўз сўзини ниҳоялади бош вазир ва йиғилишни тарк этди. Ҳукуматни истеъфога жўнатиш бўйича муҳокамалар 2 соат давом этган.

Борисов ҳукуматнинг истеъфоси ҳақида 13 ноябрда, мухолифат номзоди Радев президентлик сайловларида ғолиб бўлгандан кейин расман эълон қилган. 

Болгариянинг амалдаги президенти Росен Плевнелиев 17 ноябрда парламентда тақдим қилинган партиялар раҳбарлари билан сиёсий инқироздан чиқишнинг йўлларини аниқлаб олиш учун маслаҳатлашувлар ўтказмоқчи. У шунингдек Радев билан техник ҳукумат таркиби бўйича келишиб олмоқчи.