Анқара Европа Иттифоқининг камситиқча муносабатидан тўйди, турк халқи Брюссель билан Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларнинг тўхтатилишини талаб қилмоқда, деб айтди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу. 

Ўтган ҳафтада Европа дипломатияси раҳбари Федерика Могерини Европа Иттифоқига аъзо 28 та давлат номидан Туркиядаги воқеалар муносабати билан жиддий хавотир билдирди. Гап авваламбор Туркияда ўлим жазосининг тикланиши мумкинлиги, ОАВ ва сўз эркинлиги чекланиши ҳамда курдларни қўллаб-қувватловчи Халқлар демократияси партияси аъзоларининг ҳибсга олинишининг муҳокама қилинши ҳақида кетмоқда. Европа Иттифоқининг фикрича, Анқаранинг ўзини тутиши унинг Европа Иттифоқига киришини шубҳа остига қўймоқда.     

"Европа давлатларида Туркия билан унинг Европа Иттифоқига кириши бўйича мулоқотнинг бас қилиниши мавзуси фаол муҳокама қилинмоқда. Туркия бундай муносабатга нолойиқ. Шунинг учун биз Европа Иттифоқи билан мулоқотнинг давом эттирилиши масаласини референдумга олиб чиқамиз, қарорни эса халқ қабул қилсин. Биз бундай камситиқча муносабатдан тўйдик. Биз Европа Иттифоқи билан бу оғир даврни биргаликдаги қадамлар ва ўзаро ишонч муҳити шароитидагина енга оламиз", деб айтди Мавлуд Човушўғлу Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер билан Анқарада берган матбуот-анжуманида.

Референдумнинг ўтказилиши ғоясини Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Човушўғлу шунингдек Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси жангариларининг Европа бўйлаб ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланишига йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. Унинг айтишича, Германиянинг ўзида КИПнинг 4500 га яқин "шериклари ва террорчилари" бор бўлиб, бугунги кунгача улардан бор-йўғи 3 нафаригина Туркияга топширилган.