Бугун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастури сайловчиларда катта қизиқиш уйғотаётганлиги сир эмас. Бинобарин, унда илгари сурилган мақсад ва вазифалар авваламбор, одамларимиз ҳаётида учраётган муаммо ва долзарб масалаларни ҳал қилишга, уларнинг турмуш сифатини янада яхшилашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 

Хусусан, дастурда ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини амалга ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш сиёсий тизимни ривожлантириш соҳасидаги устувор вазифалар сифатида белгилаб олинган.

Номзодимиз дастурида давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, “Кучли давлатдан–кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини ҳаётга татбиқ этишни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда, давлат ҳокимияти тизимида демократик тарзда шакллантириладиган, ҳалқ хокимиятининг тимсоли бўлган Парламент ролини кучайтириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид энг муҳим вазифаларни ҳал этиш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш устувор вазифалар сирасига киритилган. 

Шунингдек, ҳар қандай демократик жамиятнинг ажралмас қисми бўлмиш кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, партиялараро соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятида сиёсий партиялар гуруҳларининг ролини кучайтириш, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш борасидаги ваколатларини кенгайтиришга алоҳида урғу берилган.  
Номзодимиз дастурида, айниқса, ваколатларни марказдан жойларга бериш ғояси илгари сурилаётгани эътиборга моликдир. Ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги барча бўғинлардаги ҳокимиятларнинг вазифа ва ваколатлар тизимини такомиллаштириш номзодимиз эътибори марказида бўлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, олдимизда тараққиётимизнинг бугунги босқичида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган ислоҳотларнинг ҳаётийлигини таъминлаш, жумладан, 2030 йилга қадар республика ялпи ички маҳсулотини икки бараварга кўпайтириш, ҳудудларни мамлакат ривожланишининг асосий локомотивига айлантириш каби ўта муҳим вазифалар турибди. Бу бевосита жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлиги ва салоҳиятига, раҳбар ходимларнинг уддабуронлиги, фидойилигига боғлиқ. Шундагина қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорлар ҳамда давлат дастурларининг сўзсиз ижро этилишига, уларнинг ҳавода муаллақ туриб қолмасдан, одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишига эришилади.

Шу маънода, номзод янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ҳалол, ўз Ватани ва халқига содиқ кадрларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратиш устида жиддий иш олиб борилишини қайд этди. Кадрлар тайёрлаш тизимини ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат бошқаруви ва унинг аппарати фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги (янги таҳрирда) ва “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилган.  

Маҳалла тузилмасининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий асослари ва моддий базасини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш каби вазифалар ҳам номоздимиз диққат эътиборидадир. 

Шу ўринда яна бир гап. Номзодимиз дастурида илгари сурилаётган мақсад ва вазифаларнинг замирида одамларни ҳаётдан рози қилиш ғояси мужассам.Уларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишдан эл-юртимизга наф бўлади, халқимиз давлатдан рози бўлади. Айниқса, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда давлат хизматчилари томонидан сансалорлик ва масъулиятсизлик ҳолатларига бутунлай барҳам бериш кўзда тутилаётгани диққатга сазовордир. 

Шунинг учун раҳбарлар мунтазам равишда халқ орасида бўлиб, шахсий қабуллар ташкил этишлари, жойлардаги муаммоларни ҳал қилишлари зарур. Бундан кейин жойлардаги раҳбарлар фаолиятига биринчи навбатда улар бошқараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичида юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига қараб баҳо берилади. Қисқа қилиб айтганда, раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо беради.

Бу сиёсий ислоҳотлар ўз навбатида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, қонунлар, қарорлар ва манзилли дастурларнинг сўзсиз амалга оширилишига, аҳолини ўйлантираётган кўплаб муаммоларни ҳал қилишда жойлардаги ҳокимият ва бошқарув органлари масъулиятини кучайтиришга, бир сўз билан айтганда, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.  

Биз, бўлажак сайловда ана шундай эзгу вазифаларни ўзига дастурий мақсад қилиб олган O`zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевни қўллаб-қувватлаб, овоз беришга чақирамиз!

O`zLiDeP Матбуот хизмати.

Реклама ҳуқуқи асосида.