Сурия озодлик армияси айни вақтда Ал-Боб шаҳридан 2 километр масофада турибди ва тез орада Туркия армияси ёрдами билан бу шаҳар эгалланади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилган.

Эрдўған бундан олдинроқ Туркия Қуролли кучлари томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия мухолифати армиясининг мақсади Сурия шимолида ИШИДни тор-мор қилиш эканини айтиб ўтганди.

"СОА айни вақтда шаҳардан икки километр масофада турибди ва режа қилинганидек уларни чор атрофда бизнинг қўшинларимиз ўраб турибди. Ўйлайманки, Ал-Бобни олиш амалиёти узоқ вақтга чўзилмайди. Суриядаги курдларнинг ҳарбийлашган бўлинмалари Фрот қирғоқларидан чекинишни ваъда қилишган. Умид қиламанки, улар ўз сўзларида туришади", — деган Эрдўған сешанба кунги матбуот анжуманида.

Туркия армияси шу йилнинг 24 августида Сурия шимолида ИШИДга қарши "Фрот қалқони" номи остидаги ҳарбий амалиёт бошлади. Туркия танклари Сурияга кириб, Суриядаги мухолифат қўшинлари билан бирга Жараблусни эгаллади ва жануби-ғарбий йўналишда ҳаракатлана бошлади. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, амалиётдан мақсад Туркиянинг жанубий чегаралари яқинида хавф солиб турган ҳудудни ИШИД жангариларидан тозалаб, бу ҳудудда 5 минг квадрат километр майдонда қочқинлар учун хавфсиз ҳудуд барпо этишдир.

Сурия шимолида Туркия армияси ва Сурия Озодлик армияси доимий равишда курдларнинг бўлинмалари билан тўқнашиб туради. Туркия томони Сурия курдларини Туркиядаги Курдистон ишчилар партиясига алоқадор деб ҳисоблайди.