Аргентина терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаши доирасида Сан-Хуан шаҳрида Колумбияни қабул қилган ўйинидан олдин жамоа автобуси стадионга кириб келганида фотомухбирлар бир вазиятни илғашди.

Стадион ҳовлисида тўпланиб турган мухлисларга автобусдаги фақат бир футболчи, жамоа сардори Лионель Месси қўл силкитиб, уларга салом йўллади.

Америка Кубогидаги муваффақиятсизликдан кейин мухлислар томонидан кескин танқид қилинган, натижада, терма жамоадан кетишга қарор қилган бу футболчи бугунги кунда Аргентина футболини "елкасида кўтариб юрибди".

Статистикага қаралса, Аргентинанинг кейинги 13та учрашувидан 6тасида Лионель Месси иштирок этган ва 5 ғалаба ҳамда 1 мағлубият (Бразилия майдонидаги 0:3) қайд этилган. Ҳолбуки, у иштирок этмаган 7 учрашувда атиги битта ғалабага эришилганди. Месси терма жамоанинг охирги 11 голидан 9тасида иштирок этди (4 гол ва 5та пас). У Колумбияга қарши ўйинда ҳам жарима зарбасини чиройли голга айлантириш билан бирга, яна 2та голга ҳаммуаллифлик қилди.