Британиялик миллиардер Ричард Брэнсон товушдан тез учувчи йўловчи авиалайнерини ишлаб чиқараётган Американинг Boom компаниясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Guardian нашри шу ҳақида хабар берди. 

Virgin Group корпорацияси асосчиси Брэнсоннинг маълум қилишича, унинг Virgin Galactic Spaceship Company компанияси бўлими Boom'нинг янги авлод товушдан тез учувчи авиалайнерлари қурилиши бўйича "лойиҳа-конструктор бўйича ҳамда ишлаб чиқариш хизматларини тақдим этади, шунингдек парвоз синовларини қўллаб-қувватлайди". 

"Мен анчадан бери аэрокосмик инновациялар ва тезкор тижорат парвозларига қизиқаман. Virgin Galactic космик соҳада новатор ҳисобланади. Биз илк 10 корпусни қўлга киритишда ёрдам берувчи Boom билан шартнома имзолаганимиздан хурсандмиз", - дея Брэнсоннинг сўзларини келтиради нашр. 

Boeing ва Lockheed Martin компаниялари ҳам юқори тезликда павроз қилувчи самолётларни ишлаб чиқаришади. Boom компанияси асосчиси Блейк Шоллнинг фикрича, Брэнсон иштирокида ишлаб чиқарилаётган лойиҳа бозорга эртароқ чиқиши мумкин, зеро унда бошқарув органларининг рухсати талаб этиладиган янги технологиялар қўлланмайди. 

Манбага кўра, Шоллнинг тез орада Колорадо штати, Денвер шаҳридаги ангарда жойлашган самолёт прототипини намойиш қилиши кутилмоқда. Синов парвозларини Жанубий Калифорнияда ўтказиш режалаштирилмоқда. Илк тижорат рейслари 2023 йилдан йўлга қўйилади. 

Март ойида Boom компаниясининг соатига 2700 километр тезликда ҳаракатланувчи товушдан тез учувчи самолёт қуриш режаси ҳақида хабар берилганди.

Маълумотларга кўра, бу самолёт композит материаллардан ишланади, унда биринчи тоифа учун стандарт бўлган 40 та йўловчи креслоси бўлади. Парвоз 20 минг метр баландликда амалга оширилади.