Норвегия давлат пенсия жамғармаси (НДПЖ) Лондоннинг энг гавжум кўчаларидан бири бўлган Оксфорд-стритда қурилаётган кўчмас мулк объектларининг 100 фоизлик улушини қўлга киритди. Чоршанба куни Норвегия Марказий банки хабарида айтилишича, НДПЖ ва Great Portland Estates plc. девелопер компанияси ўртасида тузилган шартноманинг умумий миқдори 276,5 миллион фунт стерлингни (345 миллион доллар) ташкил этади. 

Оксфорд-стрит 73-89 манзили бўйича жойлашган янги бинолар 2017 йилга бориб, ўз ниҳоясига етиши ва қурувчининг ваъдаларига кўра, "янги савдо даҳасининг юраги"га айланиши керак. Янги дўконларнинг янада машҳур бўлишини 2018 йилда уларнинг яқинида очилиши режалаштирилган Лондон тезюрар темир йўл станциялари таъминлайди. Умумий майдони 8 100 квадрат метр бўлган иншоотларнинг бир қисми Benetton Group S.r.l., MoneySupermarket.com Group plc. ва New Look Retailers Ltd. компаниялари томонидан ижарага олиниб улгурди. 

НДПЖ (Statens pensjonsfond Utland, аввалги номи - Норвегия нефть жамғармаси) глобал бўлими бутун дунё акцияларининг 1,3 фоизига эгалик қилади. Унинг капитализацияси бугунги кунда 7,3 триллион Норвегия кронига (жорий курс бўйича 865 миллиард доллар) етган.