Нью-Йоркдаги Trump Organization компанияси томонидан бунёд этилган уч кўп қаватли уйда яшовчилар бу биноларнинг қайта номланишига эришишди, янги сайланган президентнинг номи эса мажмуалар олдидан олиб ташланди. Бу ҳақида Bloomberg агентлиги маълум қилди. 

Гап Манхэттендаги уч элита қўп қаватли уйдан иборат Trump Place номли мажмуа ҳақида кетмоқда. У ерда жами 1,3 мингдан ортиқ квартира мавжуд. 

Бундан аввал деярли 600 киши мажмуани қайта номлашни сўраб, интернет-петицияни имзолашганди. Trump Place'да яшовчиларнинг сўзларига кўра, улар миллиардер шарафига номланган уйларда яшашни исташмайди. Бу Трампнинг атрофидаги можаролар, хусусан аёллар ҳақидаги ножоиз сўзлари билан боғлиқ. 

"Одамларга қаерда яшашимни айтишдан уяламан", - дейди узоқ йиллардан бери ушбу мажмуада яшовчи Мэржори Жейкобс. 

Энди бинолар ўз манзилига кўра номланади - Риверсайд, 140, 160 ва 180-уйлар. Trump Organization вице-президенти Аманада Миллер, ўз навбатида, биноларнинг қайта номланиш масаласи бир неча йил аввал мувофиқлаштирилгани, петиция эса бу жараённи тезлаштирганини таъкидлади.