Хитойда ишлаб чиқарилиб, АҚШда сотилган смартфонларнинг бир қисми бэкдор билан таъминланган бўлиб, у ҳар 72 соатда барча матнли хабарларни Хитой серверларига юборади. Бу ҳақда The New York Times нашри ёзмоқда.

Газета маълумотларига кўра, Американинг киберхавфсизлик соҳасидаги мутахассислари яқинда Android смартфонлари дастурий таъминотига ўрнатилган “айғоқчи” дастурни аниқлашган. У фойдаланувчининг ҳаракатини, кимга қўнғироқ қилиши ва қандай хабарлар юборишини кузатган. Ҳозирча, ҳукумат вакиллари, бу маълумотлардан реклама мақсадида фойдаланилгани ёки Хитой разведкасининг ахборот йиғиш бўйича саъй-ҳаракати самараси экани борасида аниқ тўхтамга кела олмаяпти. 

Ушбу дастурни аниқлаган Kryptowire компаниясининг ишонч билдиришича, яширин дастур матнли хабарлар, телефон рақамлари рўйхати, қўнғироқлар вақти, фойдаланувчининг турган ўрни ва бошқа маълумотларни Хитой серверига юборади. Бунда, фойдаланувчининг мазкур бэкдор фаолиятидан хабари ҳам бўлмайди. 

Июль ойида хитойлик хакерлар 10 млн дона Android-қурилмаларга кириш имкониятига эга бўлишгани хабар қилинган эди.