Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг маълум қилишича, Покистон ҳукумати турк мухолифати етакчиси Фатҳуллоҳ Гулен ташкилотига тегишли мактабларда таълим берувчи ўқитувчиларни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилган. 

Расмий Анқара Гулен ташкилотини шу йилнинг июль ойида амалга оширилган ҳарбий давлат тўнтаришига уринишни уюштирганликда гумон қилади.

Покистон ИИВ маълум қилганидек, мамлакат ҳукумати Гулен ташкилоти томонидан барпо этилган 23та мактабда ишлаб келган 108 нафар ўқитувчи ва уларнинг оила аъзоларига Покистонни 20 ноябргача тарк этишни тавсия қилган. Шунга кўра, Покистондан жами 400 нафарга яқин киши чиқариб юборилмоқда. 

Шу йилнинг 16 июлга ўтар кечаси Туркиядаги бир гуруҳ ҳарбий исёнчилар давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишган эди. Асосий зиддият Анқара ва Истанбул шаҳарларида юз берди. 240 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган ва 2 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган исён бостирилганди.