16 ноябрда Россия собиқ иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаевга уни уй қамоғида бўлиши вақтида кузатишга имкон берувчи электрон билагузук (браслет) тақилади. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Аввалроқ Москванинг Басман туман суди йирик миқдорда пора олишда ушланган вазирни уй қамоғига олишга қарор қилганди. Россия тергов қўмитаси маълумотларига кўра, собиқ вазир "Роснефть" компаниясига "Башнефть" компанияси акцияларини сотиб олишга имкон берган ижобий баҳо учун 2 млн доллар пора олишда ушланган.

"Суд кўрсатмасига кўра, Улюкаев уй қамоғи вақтида кузатишга имкон берадиган электрон билагузук тақиб юради. Чоршанба куни мутахассислар унинг квартирасида махсус қурилма ўрнатишади, шундан кейин унга билагузук тақилади", деб маълум қилинди ҳуқуқ-тартибот муассасаларида.