Испаниянинг Seat автомобилсозлик компанияси автомобиль тизимлари ишлаб чиқишга ихтисослашган маҳаллий CARNET IT-компанияси билан ҳамкорликда Ateca кроссоверини “ақллироқ” қилишди. Гап Ateca Smart City Car концепти ҳақида бормоқда. У автомобиль тўхташ жойларидаги бўш ўринларни аниқлаш ва улар ҳақида бошқа турдош автомобилларга маълум қилиш технологиясига эга бўлди. 

Лойиҳада синов майдонига айланган Барселона шаҳри маъмурияти, Европадаги йирик алоқа оператори Cellnex Telecom ва смартфонлар учун Parkfinder иловаси муаллифлари қатнашган. 

Кросовер бир неча датчиклар ёрдамида автомобиллар тўхташ жойида ҳаракатланиш чоғида бўш жойларни аниқлайди. Бунда ҳайдовчидан ортиқча ҳаракат талаб қилинмайди. Шундан сўнг, маълумотлар ягона iCity серверига юборилади. Бунинг ортидан шаҳардаги автомобиль тўхташ жойларидаги бўш ўринлар харитаси янгиланади. Parkfinder айни шу харита асосида ишлайди. 

Мазкур илова фойдаланувчилари бўш жойларни аниқлашлари, бунда нархи ва манзил билан масофасига эътибор беришлари мумкин бўлади.