Смартфон ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Баъзи одамлар ўзларининг "электрон дўстлари" билан бир дақиқага ҳам ажралишмайди. Бу дегани, биз қаерларда бўлган бўлсак, смартфон ҳам ўша ерларда бўлган. Шундай экан, у ҳар биримиз ҳақимизда маълумот бериши мумкин. Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилган мақола шундан далолат беради. 

Манбага кўра, Сан-Диегодаги Калифорния университети олимлари смартфондан олинган намуналар асосида унинг эгаси ҳақида аниқ маълумот олишнинг уддасидан чиқишган. Маълумки, инсон тери қисмлари, тери безлари ажралмалари, молекулалар, микрофлора микроблари, шунингдек парфюмерия ва гигена предметлари кимёвий бирикмалар кўринишидаги кўплаб изларни қолдиради. 

Илмий тадқиқотларда бир неча кун давомида ўз қурилмаларидан фойдаланган 39 нафар киши иштирок этган. Олимлар смартфонларнинг турли қисмларидан 4тадан ва фойдаланувчиларнинг қўлларидан 8тадан намуна олишган. Шундан сўнг маълумотлар масс-спектрометрда таҳлил қилинган. Натижада электрон девайс таҳлили орқали олинган маълумотлар  қўл намуналаридан олинган маълумотларга тўлиқ мос тушган. 

Бундан ташқари, олинган маълумотлар асосида синов остидаги кишиларнинг аниқ "биологик портрети"ни тузишга муваффақ бўлинган. Тадқиқот муаллифи доктор Амиана Буслимани бу борада шундай дейди: 

"Бундай изларга асосланиб, деярли ҳамма нарсани билиб олиш мумкин, лекин кимёвий таҳлил ҳозирча бармоқ излари каби инсон шахсини юз фоизга аниқлаш имконини бермайди. Шундай бўлса-да, олинган маълумотларни ҳозирнинг ўзидаёқ криминалистика, шунингдек тиббиётда беморлар режимини назорат қилишда қўллаш мумкин".