Сурхондарё вилоятида яқин 3 йил ичида пахта майдонларининг бешдан бир қисми мева-сабзавот экинлари учун ажратилади. Бу ҳақда nuz.uz Республика ҳукуматининг 1 ноябрдаги қарорига асосланган ҳолда хабар берди.

Хабарда ёзилишича, 2019 йилда жанубий вилоятда пахта майдонлари 117 100 гектардан 90 300 гектарга, пахта ҳосилини йиғиб олиш эса ҳозирги 328 800 тоннадан 264 000 тоннагача қисқартирилади.

Расмий прогнозларга кўра, Сурхондарё вилоятида ғалла экинлари майдони 98000 гектардан 93000 гектарга қисқартирилади.

Шунингдек, яқин 3 йилда Сурхондарёда сабзавот майдонлари 18 фоизга ошиб, 44,4 минг гектарга етиши кутилмоқда. Боғлар, дуккакли ва озуқабоп экин майдонлари ҳажми ошади.

Ҳукумат томонидан 2016 йилнинг 9 ноябрида чиқарилган қарорда Сурхондарё вилоятида деҳқон хўжаликлари имкониятларидан самарали фойдаланиш-чора тадбирлари ҳам тасдиқланган.

Ҳужжатга кўра, 2016 йилнинг 10 декабрига қадар вилоятнинг ҳар бир туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда фермерлар ва «Ўзагроэкспорт» компанияси иштирокида агрофирмалар ташкил этилади.

Уларнинг фаолияти «Ўзагроэкспорт», Кичик бизнес экспорт фонди ва Миллий банкнинг Тошкент шаҳри бўлимлари томонидан қўллаб-қувватланади.

Уларни ривожлантириш учун, ташкил қилинганидан кейин 1 ойи ичида ҳар бир агрофирма фаолиятини юритиш учун камида 2 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.

Бундай агрофирмалар устав фонди ҳажмидан қатъи назар мева-сабзавот, резавор ва ток маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Расмий манбалар маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2020 йилга қадар пахта хом ашёсини етиштириш ва давлат хариди 3 миллион 350 минг тоннадан 3 миллион тоннага туширилади.

Пахта хом ашёси етиштиришни 350 минг тоннага қисқартириш ҳисобига 170,5 минг гектар ҳосилдорлиги паст, пахта ҳосили гектаридан 12-15 центнердан ошмайдиган (мамлакатда ўртача ҳосилдорлик гектарига 26,1 центнерни ташкил этади) суғориладиган ерлар бўшайди. 

Ҳозирда Ўзбекистонда мева-сабзавот ва ток маҳсулотлари етиштириш учун суғориладиган ерларнинг 20 фоизидан фойдаланилмоқда.

Мамлакатда мева ва ток маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган 24,7 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари ва 3,6 мингдан ортиқ сабзавот ва резаворлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари мавжуд.

Сурхондарёда янгича кўринишдаги агрофирмалар ташкил қилинади