Яқинда Бельгиянинг нуфузли The Brussels Times онлайн ахборот нашрида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайлови ҳақида мақола эълон қилинди.

Унда 2016 йил 4 декабрь куни Ўзбекистонда муддатидан олдин Президент сайлови бўлиб ўтиши ҳақида  хабар берилади. Етук давлат арбоби бўлган мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримов ўзбек давлатчилиги ва жамиятни ривожлантиришнинг мустаҳкам асосини яртгани таъкидланади.

Мақолада Ўзбекистоннинг жамиятни демократлаштириш, ички ва ташқи сиёсатнинг муҳим вазифалари ҳамда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш соҳаларидаги тажрибаси ҳақида бир қатор европалик экспертлар ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашадилар. Жумладан, Европа Халқаро муносабатлар институти геосиёсий дастурлари директори Пер-Эммануэл Томанн ва “Европа геополитик форуми” тадқиқот маркази директори Марат Тертеров ва бошқа мутахассисларнинг якдил фикрларига кўра, барча соҳаларни босқичма-босқич модернизация қилиш ва минтақада барқарорликни сақлаш мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида эришган муҳим муваффақиятлари бўлди. Таҳлилчилар мустаҳкам қонунчилик базаси ва кучли фуқаролик институтларининг мавжудлиги Ўзбекистонда сайловларни очиқлик ва транспарентлик асосида ҳамда илғор халқаро меъёр ва андозаларга муносиб тарзда ўтказилишига хизмат қилишини қайд этадилар.

Мақолада декабр ойида бўлиб ўтадиган сайловларда мамлакатда фаолият олиб бораётган барча сиёсий партиялар қатнашиш истагини билдиришгани ҳақида маълумот берилади. Улар ўз номзодларини илгари сурдилар ва айни кунларда ушбу номзодлар сайловчилар билан учрашиб, ўзларининг мамлакат социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар олиб бориш режалари, ички ва ташқи сиёсатнинг устувор вазифалари ўз аксини топган сайловолди дастурлари билан таништирмоқдалар.

The Brussels Times нашри Европада Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида танланган ўз тараққиёт йўлини давом эттиришга бўлган интилиши қўллаб-қувватланиши ҳамда мамлакатимиз билан икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлайди.

«Жаҳон»