Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши курашиш Фонди РФ иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаевнинг ушланиши борасида ўз қарашини билдирди. 

Навальныйнинг ҳикоя қилишича, ККФ икки йил аввал Улюкаевнинг офшори борлигини аниқлаган, бироқ, ўз суриштируви натижасини ошкор қилишни ортга сурган эди. 

“Расман бу офшор катта Улюкаевга тегишли бўлиб, Алексей Улюкаев ҳозир 60 ёш бўлса, унинг отаси 80дан ошгани аниқ. Шундай экан, унинг қандайдир бизнес юритиш мақсадида Кипрда компания очганига шубҳа қиламан. 

У 2011 йил 19 майда рўйхатдан ўтган. Ўшанда, Улюкаев РФ Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари эди. Бу компания фаолият юритмоқда. Биз фирманинг унинг номига расмийлаштирилганини топмадик, аммо Улюкаев шу йўл билан хорижий мулкини декларация қилишдан яширганини тахмин қиламиз”, - деб ёзган Алексей Навальный.

Навальнийнинг фикрича, вазирни ҳибсга олиш сабаби коррупцияда эмас, балки президент Владимир Путиннинг ўз қуршовидаги амалдорлар томонидан хиёнат қилиниши бўйича хавотир олаётгани билан боғлиқ. Мухолиф сиёсатчининг фикрича, федерал даражадаги вазирнинг ушланиши, Кремлнинг бошқа яқинларига бераётган огоҳлантиришидир. 

15 ноябрь куни Россия Тергов қўмитаси Алексей Улюкаевга нисбатан мамлакат ЖК 290-моддаси 6-банди (Россия Федерацияси давлат лавозимини эгаллаган шахс томонидан таъмагирлик билан ўта катта миқдорда пора олиш) бўйича айблов эълон қилган эди.