Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов 15 ноябрь куни Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Видеоконференция шаклида ташкил этилган учрашувни халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси А.Келдиев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили С.Маҳматмўминов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Дастурда халқаро миқёсда эътироф этилган ва бугунги тараққиётимизнинг ҳаётий дастурига айланган беш тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш, бой тарихий, маданий, маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш, маънавий юксалишга эришиш ҳамда миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият қаратилган. 

Дастурда белгиланган мақсад-вазифалар мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда қазиб олинаётган газнинг 64, нефтнинг 67, газ конденсатининг 87,4 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Вилоятдаги Шўртан газ-кимё мажмуаси, “Муборакнефтгаз” унитар шўъба корхонаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон иссиқлик электр станцияси каби замонавий саноат корхоналари, “Ҳисорнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” сингари йирик қўшма корхоналар мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. 

Вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажми ва турини янада кўпайтириш, енгил саноат ва тўқимачилик корхоналарига маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлайдиган замонавий технологияларни кенг жорий қилиш, дунё бозорига янги йўллар очиш, мамлакатимизни бошқа давлатлар, минтақалар билан боғлайдиган транспорт коммуникациялари барпо этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 

Давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти очиқлигини таъминлаш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, миллий иқтисодиёт ривожи етук мутахассисларга боғлиқ эканини ҳисобга олган ҳолда, замонавий билим ва малакага эга муҳандис-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан такомиллаштириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласи илгари сурилган. 

Учрашувда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти кафедра мудири Ю.Эргашева, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси С.Муртозова, “Воҳа” газетаси бўлим муҳаррири О.Қўлдошев, Ўзбек жанг санъати федерацияси Қашқадарё вилояти бўлими бош мураббийи Ж.Бобоназаров ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган вазифалар хусусида фикр билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

Манба: ЎзА