Азалдан ота-боболаримиз Буюк ипак йўлида жойлашган Хитой давлати билан дўстона алоқада бўлиб келган. Қадимий Мовароуннаҳр ва Чин юрти ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ алоқалари, яқин ҳамкорлик муносабатлари, маданий ҳаётдаги яқинлиги бугунги шароитда улар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янгича кўринишда ривожлантириб, мустаҳкамлашга тўлиқ асос бўла олади. Бугунги кунда бу ҳамкорлик муносабатлари янги мазмун билан бойиб, барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. 

Биргина, Хитойда ўтказиладиган “Canton Fair” Халқаро кўргазмаси ҳам давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир кўринишидир. Юртимиз тадбиркорларининг ҳар йили бу ярмаркада фаол иштирок этиб, жорий йилда ҳам ёш тадбиркорлардан иборат “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати делегацияси 28 октябр - 7 ноябр кунлари Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтдилар.

Қисқача Кантон ярмаркаси деб номланадиган ушбу кўргазмада Хитой дунёга ўз эшикларини очиб, ишлаб чиқариш салоҳиятини таклиф этади. Кўргазма Гуанчжоу шаҳрида бир йилда икки маротаба – баҳор ва кузда ўтказилади. Кантон кўргазмаси ўзининг 59 йиллик тарихи давомида халқаро савдонинг мажмуавий ва тантанали кўргазмасига айланди. Хитойнинг халқаро савдо кўргазмалари орасида бу кўргазма энг кўп йиллик тарих, энг юқори даража ҳамда энг йирик миқёс ва маҳсулотларнинг энг катта ассортиментига эга. Кўргазмага дунёнинг кўплаб давлатлари ва минтақаларидан кўп сондаги тадбиркорлар ташриф буюради ҳамда ҳамкорлик битимлари тузиш бўйича энг самарали кўргазма ҳисобланади. 2007 йилдан бу кўргазмада нафақат Хитой компаниялари, балки бошқа давлатлар вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган, бу эса ташқи савдонинг ривожланишига кўмак бермоқда.

120-маротаба бўлиб ўтган Халқаро кўргазманинг Ўзбекистондаги делегация таркибига “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган тадбиркорлик лойиҳаларида иштирок этиб, ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли бошлаган 12 нафар ёш тадбиркор ва 2 нафар Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши масъул ходимлари киритилди.

Делегация дастлаб, Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб, сафар дастурига асосан иштирокчиларнинг Буюк Хитой деворига саёҳати уюштирилди. Ундан сўнг делегация Гуанчжоу шаҳридаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, импорт ва экспорт маҳсулотларининг “120-Сантон фаир” халқаро кўргазмасида иштирок этди. 

“200 та давлатдан 200 мингга яқин тадбиркорлар иштирок этадиган ушбу Халқаро кўргазмада ҳар йили расмий делегациялари таркибида 300 га яқин ўзбекистонлик йирик тадбиркорлар маълумотлар алмашиш ва дўстона ҳамкорлик юритиш мақсадида ташриф буюрадилар. Юртимиз тадбиркорларининг ҳар йили бу ярмарканинг иккала сессиясида ҳам фаол иштирок этишларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу йилги кўргазмада эса “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказиладиган “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳаси ҳамда “Менинг бизнес ғоям” танловида ғолиб бўлган ёш тадбиркорларимиз учун тажриба алмашиш имкони яратилди. Бу ҳам бўлса ёш тадбиркорларимизга эътибор йилдан-йилга ортиб бораётганидан далолатдир”, дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши ходими Феруз Аблаяров.

Ёш тадбиркорлар кўргазма доирасида трикотаж ва оёқ кийим ишлаб чиқариш асбоб-ускунлари ва маҳсулотлари, идора моллари, тиббиёт жиҳозлари, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ўндан ортиқ йирик ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриб, ушбу маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари ва янги технологиялари тўғрисида маълумот олдилар. 

Хусусан, ““Guangzhou Huahao nonwoven fabric Co.,Ltd”, “Italy bosline clothing Co., Ltd”, “Guangzhou KYPAL Garment Co. Ltd” (тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш), ““Huainan liyuan sports goods Co.,Ltd”, “Shenzhen LDK industrial Co., Ltd”, “Qingdao Ableman Leisure Sports Goods Co. Ltd” (спорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш), “Guangzhou Qingfeng Electronics Co. Ltd” (замонавий атрактсионлар ишлаб чиқариш) ҳамда озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби ўндан ортиқ корхоналарга тажриба алмашиш ва янги ишлаб чиқариш технологияларини ўрганиш мақсадида саёҳатлар ташкил этилди.

Ташриф якунида ёш тадбиркорлар томонидан хорижий корхоналар билан биргаликда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувлар белгиланди.

“Мен “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳасида ғолиб бўлганимдан сўнг имтиёзли кредит олиб, дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Ҳозирда корхонамизда 7 турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда ва бу фаолият туримни янада кенгайтириш истагидаман. Халқаро кўргазмада иштирок этишим фаолиятдаги тажрибамни янада орттиришга хизмат қилди. Эндиликда хорижий корхоналардан бири билан дори воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича, янги технологияларни олиб келиш борасида ҳамкорлик қилиш ниятидаман”, дейди навоийлик ёш тадбиркор Шоҳрух Шаропов.

Наманганлик ёш тадбиркор Акбар Зиябаев ҳам “120-Canton fair” халқаро кўргазмасидан катта таассуротлар билан қайтди: “2014 йилда Наманган шаҳрида спорт ва медитсина жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганман. Халқаро кўргазмада айнан Хитой тажрибасини ўрганиш имконига эга бўлдим. Яъни, спорт маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган “Qingdao Ableman Leisure Sports Goods Co. Ltd” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, корхона раҳбари билан келгусида истиқболли шартнома имзолашга келишиб олдик. Бу ҳам бўлса маҳсулотларимизнинг янада сифат жиҳатдан яхшиланишига хизмат қилишига ишонаман”.

Бир сўз билан “120-Canton fair” халқаро кўргазмаси юртимиз ёш тадбиркорлари учун тажриба ва таассурот улашиб, янги режаларга туртки бўлди, дейиш мумкин. Миллий қадриятларни ўзининг ҳаёт тарзида акс этган халқнинг тадбиркорлик соҳасида ҳам келажаги буюкдир. Шундай экан, юртимиз ёш тадбиркорлари нафақат Хитой балки, бошқа дунё мамлакатлари билан ҳам самарали ҳамкорлик алоқаларини изчил олиб борадилар.

Шоҳида Эшмаматова
Республика ёшлар тадбиркорлигини 
қўллаб-қувватлаш Маркази 
ходими