Еврокомиссия Шенгенга кириш учун консуллик тўловини амалга оширмайдиган "визасиз" давлатлар фуқароларидан 5 евродан олишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақида EUObserver хабар берди

Бу пул воситалари Шенгенга кираётганларни назорат қилиш учун умумевропа аксилтеррор, миграцион ва жиноий маълумотлар базасини молиялаштиришга сарфланади. Мазкур тизимнинг тузилиши, хусусан, Евроиттифоқ мамлакатларининг Украина ва Туркияга визасиз режим тақдим қилиниши эҳтимоли олдидаги хавфни камайтириши керак. 

"Бугун Еврокомиссия визасиз режим ҳақидаги битимга эга фуқароларнинг Шенген ҳудудига кириши учун 5 евролик  тўловни жорий қилиш ҳақидаги таклифини илгари суради", - дея таъкидланган порталда. Шу тариқа, ҳар йили 60 "визасиз" давлатдан (АҚШ, Канада, Янги Зеландия, Австралия, Лотин Америка давлатлари ва бошқалар) ЕИга келувчи 30 миллион киши бу шартнома таъсирига тушади. Буюк Британия фуқаролари ҳам ЕИдан тўлиқ ажралиб чиққанидан кейин бу тўловни амалга оширишларига тўғри келади. 

Ушбу ETIAS тизимини йўлга қўйиш қарори Париж ва Брюсселдаги терактлардан кейин қабул қилинган.