Интернет-технологиялар мамлакатлар келажаги ва уларнинг  яқин юз йилдаги  иқтисодий соҳаларини белгилаб беради. Чоршанба куни очилган World Internet Conference'да (Жаҳон интернет конференцияси) Alibaba онлайн-ритейлери асосчиси Жек Ма ана шундай фикр билдирди. 

"Тарихга назар соладиган бўлсак, технологик инқилоб даври тахминан ҳар 50 йилга тўғри келади. Яқин 30-40 йилда янги интернет-технологиялар жорий қилинади, бу бизнинг ҳаётимизга таъсир кўрсатмай қолмайди. Интернет-технологиялар ҳар бир мамлакат келажаги ва унинг яқин 100 йилдаги иқтисодий соҳаларини белгилаб беради", - деди у. 

"Янги технологиялар иқтисодиётнинг анъанавий соҳаларига интеграциялашадиган яқин 30 йил - энг муҳим аҳамиятга эга давр бўлади. Қаерда яшашингиз ва нима билан шуғулланишингиздан қатъи назар, ўзгаришларни албатта сезасиз. Бу нафақат интернет-компаниялар, балки уларни қўллай биладиган истеъдод эгалари учун ҳам яхши давр бўлади", - қўшимча қилди Alibaba асосчиси. 

Интернет-технологияларга доир World Internet Conference конференцияси 16-19 ноябрь кунлари Учжэнда бўлиб ўтмоқда.