Вазни 25 кг бўлган 14 ёшли ўсмир 2 йил Алабамадаги уйининг ертўласида яшаганидан сўнг шифохонада ҳаёт учун курашмоқда. Бу ҳақида маҳаллий ҳукумат вакилларининг сўзларига асосланиб,  The Associated Press нашри хабар берди. 

Манбага кўра, ўсмирнинг аҳволи оғир. Суд мажлиси протоколларига кўра, унинг ўгай ота-онаси Ричард ва Синтия Келлига болалар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлик айблови қўйилган. 

Тергов якшанба куни бошланди, ўша куни Ҳелена полицияси шифохонага тушган бола ҳақида маълумот олган. Полиция бошлиғи Пит Фолмарнинг сўзларига кўра, ўсмир шифохонага олиб келинганида оч-наҳор, сувсизланган ва фавқулодда оғир аҳволда бўлган.  

"Ишончимиз комилки, у узоқ вақт изоляцияда сақланган", - деди Фолмар. 

Нашрга ўз номини ошкор қилмаган қўшнисининг айтишича, у томорқада ўт ўраётган болани кўрган ва унинг "жуда кичик"лигига эътибор қаратган. 

"Бу вақтда отаси шунчаки унга қараб ўтирганди", - деди аёл.

Полицияга маълум бўлишича, уйда яна 19 ва 21 ёшли йигитлар ҳам бўлган. Улардан бири ўсмирнинг қариндоши бўлган, бошқаси эса - унинг дўсти. 

Маҳаллий ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, 14 ёшли ўсмир ва унинг акаси гўёки уй таълимида бўлишган ва ҳеч бир давлат мактабида ўқишмаган. 

Тергов маълумотларига кўра, жуфтлик (ўгай ота-она) болани ўз вақтида егулик ва тиббий ёрдам билан таъминламаган. Боланинг тўйиб овқат емаганлиги ва шок ҳолатида бўлганлиги шундоққина кўриниб турарди. 

Фолмарнинг сўзларига кўра, бу у кўрганлари орасидаги энг оғир вазият. "Полиция бўлимидаги аксарият ходимлар каби мен ҳам отаман ва унга қарашга ўзимда базўр куч топдим", - дейди у.