Америкалик ҳарбийлар ИШИДга қарши қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган Туркияни қўллаб-қувватлашни тўхтатди. Defense News нашри хабар тарқатишича, америкаликлар НАТОда экстремистик гуруҳга қарши кураш бўйича якдил фикр мавжуд эмас деб ҳисобламоқда. 

Ироқ ва Суриядаги америкалик ҳарбийлар вакили Жон Доррианнинг хабар қилишича, АҚШ Туркиянинг Ал-Бобни олиш учун бошлаган амалиёти давомида ҳаводан зарбалар бериш ва ҳарбий маслаҳатлар орқали ёрдам кўрсатмоқчи эмас. Ал-Боб шаҳри Туркиянинг жанубий чегараларига 20 миля (30 км атрофида) масофада жойлашган. Бу шаҳар Раққага олиб борувчи йўлдаги муҳим аҳамиятга эга шаҳар ҳисобланади. 

Дорианнинг сўзларига кўра, Ал-Бобга юриш қилиш қарорини Туркия томони мустақил равишда қабул қилган ва бунда коалиция фикрини сўрамаган.  

Нашрда қайд этилишича, бу ҳам ўзига хос тарихий ўзгариш, АҚШ бунгача кўп вақт давомида Туркиянинг чегара ҳудуддаги амалиётларини қўллаб-қувватлаб келаётганди. Эндиликда томонларнинг ИШИД билан курашдаги қарашлари ўзгарган. АҚШ Раққани озод этиш ҳақида қайғурмоқда, Туркия эса ўз эътиборини Суриянинг шимолидаги бошқа вилоятларга қаратган. 

Туркия ва АҚШ ўртасида курдлар масаласида ҳам турлича қарашлар мавжуд. АҚШ Сурия курдларини иттифоқчиси деб билади, Туркия эса уларни Туркия ичкарисидаги террорчи ташкилот билан алоқадор деб ҳисоблайди. 

Доррианнинг сўзларига кўра, юзага келган бу қарама-қаршилик дипломатик йўл билан бартараф этилмоғи керак. У ИШИДни йўқ қилиш учун икки давлат ҳамкорликда кураш олиб бориши кераклигини таъкидлаган.