Калифорниялик сенатор Барбара Боксер АҚШ конгрессига мамлакат президентлиги учун тўғридан-тўғри сайловларни жорий этиш бўйича таклиф киритди. Бу ҳақда Fox News хабар берган.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтдаги овоз беришлар бевосита бўлмаган сайлов тизими «эскирган ва демократик эмас».

Телеканалда қайд этилишича, бу ташаббус асосий таркиби республикачилардан иборат бўлган конгресс томонидан рад этилиши тайин.

Бундан олдинроқ, АҚШдаги сайловда  Демократик партия номзоди сифатида иштирок этган Ҳиллари Клинтон Дональд Трампни 1 млн овоз билан ортда қолдиргани, лекин мавжуд сайлаш тизими туфайли, яъни сайлов ҳайъати аъзоларининг танлови туфайли мағлуб бўлгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Америка сайлов қонунчилигига кўра, сайловчилар у ёки бу номзодни қўллаб-қувватловчи Сайловчилар ҳайъати аъзолари учун овоз беришади. Улар кейинчалик ўз номзодларини президентликка сайлашади.