Янги Зеландияда 13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар кечаси юз берган кучли зилзиладан кўрилган зиён 2 млрд янги зеланд долларидан (1,5 млрд доллар) ошиб кетади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жон Ки Newstalk ZB радиодастурига берган интервьюсида маълум қилди. 

Жон Ки бу ҳолат узоқ муддатли истиқболда мамлакатнинг иқтисодий стратегиясига қандай таъсир қилиши ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди, бироқ табиий офат "айни вақтда профицитга эга мамлакат бюджетига шубҳасиз таъсир қилишини" тан олди. 

16 ноябрда Янги Зеландия миллий сейсмологик хизмати GeoNet юз берган зилзила кучига берилган дастлабки баҳони қайта кўриб чиқиб, уни 7,5 дан 7,8 баллгача оширди. "Бу жуда кучли зилзила бўлди ва биз одамларни келажакда кўплаб қайтар зилзилалар бўлишига тайёр туриш кераклигидан огоҳлантиришимиз лозим", деб айтди Ки.

Зилзила маркази Жанубий оролида бўлган, бироқ кучли зилзилалар Шимолий ороли жанубида, зилзила марказидан 220 км узоқликда жойлашган мамлакат пойтахти Веллингтонда билинмоқда. Ҳанузгача бу ерда 60 та бино ёпиқ қолмоқда, чунки улар қулаб тушиши хавфи бор. Шу сабабли пойтахтни оролнинг сейсмик фаоллик юқори бўлмаган шимолий қисмига (Окленд) кўчириш бўйича баҳслар яна авж олмоқда.