Бразилияда 60 нафарга яқин ҳукуматга қарши бўлган намойишчилар парламент биносига бостириб кириб, у ерда жанжал чиқардилар, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

60 намойишчидан иборат гуруҳ 16 ноябрда парламент қуйи палатасининг йиғилишлар залига кириб, у ерда қўриқчилар ва баъзи депутатлар билан жанжал чиқарганлар.  

Маҳаллий ОАВ маълум қилишича, қўриқчилар анча вақт намойишчиларни ташқарига олиб чиқишга уринишган. Намойишчилардан энг фаоллари саҳнага чиқиб, у ерда спикер ва бошқа парламент етакчилари жойларини эгаллаб олишган. 

Намойишчилар парламентни "ишғол қилишдан" аввал ташқарида норозилик акцияси ўтказганлар. Улар Бразилия президенти Мишел Темер ҳукумати ўтказмоқчи бўлаётган хусусийлаштиришга қарши шиорларни айтиб бақиришган.

Тартибсизликлар сабабли жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.